Abstract
<jats:p>Имом Мотуридий ислом оламида ақидавий таълимот асосчиси сифатида эътироф этилган буюк олим саналади. Унинг ақидага доир “Китоб ат-тавҳид”, Қуръон шарҳига оид “Таъвилот ал-Қуръон” китоблари маълум ва машҳур. Мақолада тафсир ва таъвил тушунчаси ҳамда улар ўртасидаги нозик фарқлар, Имом Мотуридийнинг тафсир ва таъвилга бўлган ёндашуви ёритиб берилган. Хусусан, Имом Мотуридий оятларни тафсир қилишда оят, ҳадис ва саҳобийларнинг сўзларига алоҳида урғу берганини кўриш мумкин. Шундай бўлса-да, бугунги кунда айрим оқим вакиллари мотуридий-ҳанафийлар фақатгина ақлга боғланиб қолган, улар ҳадисни яхши билмайди, деган даъволарни илгари сурадилар. Бироқ олимнинг “Таъвилот ал-Қуръон” китобини ўқиган инсон бунинг аксини кўради. Ушбу мақсадда мақолада олимнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асари 29-жузида келтирилган 20 га яқин ҳадислар таҳлили баён қилинган. Имом Мотуридий оятларни ҳадис асосида тафсир қилишда ҳадисларнинг ровийларига алоҳида тўхталмай, уларнинг матнлари билан кифояланганини кўриш мумкин. Мақолада бу услубнинг сабаблари илмий таҳлиллар асосида асослаб берилган. Шу билан бирга, олим тафсир жараёнида истифода этилган ҳадислардаги атамаларни шарҳлаб, ҳадис мазмунидан келиб чиқадиган хулосаларни ҳам баён этиб кетган. Бу эса оятнинг мазмун-моҳиятини тўлиқроқ билиб олиш ва ундан кўзланган мақсадларни англаб етишга ёрдам берган.</jats:p>