Abstract
<jats:p>Аннотация. Сўнгги вақтларда тиллараро ва маданиятлараро мулоқот натижасида вужудга келадиган лисоний ва маданий муқобилсизлик ҳодисаси туфайли бир тил ва маданият эгаси томонидан бошқа бир тил ва маданият тушунчаларини англаш, интерпретация қилиш муаммоси юзага келди. Муайян тил ва маданиятга хос тушунчалар, аксарият ҳолларда, таржима жараёнида мураккаб вазиятларни ҳосил қилади. Бошқа маданият матнида тушунарли бўлмаган ёки ғайриоддий туюлган ҳодисаларни қайта тузиш, бошқача ифодалашни талаб қиладиган сўзлар таржима тилида лакуна — “бўшлиқлар”ни ҳосил қилади. Маҳоратли ижодкор Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи таржималарида бу каби бўшлиқлар кўплаб учрайди ва улар ҳозиргача лингвомаданий таҳлилга тортилиб, тегишли илмий хулосалар чиқарилмаганлиги жиҳатидан долзарблик касб этади. Мақолада турлича маъно жилоси ва товланишларига эга, инглиз тили учун ўзбек тили фонидаги лакуна ҳисобланадиган “андиша” тушунчаси ва унинг таржима вариантлари лингвомаданий ёндашув асосида кўриб чиқилган. Асарда “андиша” сўзи ва бу лексик бирликдан яратилган ҳосила сўзлар адиб томонидан ўн беш маротаба ишлатилгани аниқланиб, ҳар бир ўринда ушбу тушунча ўзининг алоҳида маъно ва услубий товланишларига эгалиги қайд этилган. Таржимага бўлган лингвомаданий ёндашувда муаллиф тўлиқ компонент таҳлилни асос қилган ҳолда, таржиманинг аслиятга мувофиқлик даражасини белгилашга ҳаракат қилган. Аслиятда таҳлилга тортилган бирлик семалари аниқлаштирилган, контекстда қўлланилиш вазифасига кўра доминант сема ажратиб олинган ҳамда контекстда лексеманинг маъно вазифаси кўрсатиб ўтилган. Сўнг таржима вариантларида келтирилган муқобилларнинг инглиз луғатларидаги дефинициялари асосида аслиятдаги бирлик семаларига нисбатан мувофиқлиги ўрнатилган ва бунда доминант сема мазмуни таржимада қай даражада берилишига аҳамият қаратилган. Доминант сема мазмунининг таржимада тикланиши ва шу баробарида аслиятдаги бирликка контекстда ажратилган мақсаднинг таржимада ҳам амалга ошганлигига кўра таржиманинг аслиятга адекватлик даражаси белгиланган. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, аксарият ҳолларларда доминант семаларнинг таржимада тикланиши туфайли ўзбек тили фонида инглиз тилида вужудга келган тасодифий лакуналар муваффақиятли компенсация қилиниши ҳисобига бартараф қилинган ва бунинг ҳисобига таржимада адекватликка эришилган. Олинган натижалар таржимашуносликда “лакуна” терминини кенгроқ изоҳлашда, уни бартараф қилиш жараёнида самарали усулларни қўллашда назарий асос бўлиб хизмат қилади.</jats:p>