Abstract
<jats:p>Мазкур мақолада ХХ аср иккинчи ярми ўзбек адабиётида яратилган мухаммаслар таҳлил қилинган. Бу давр шоирлари Ҳабибий, Собир Абдулла ва Чустийнинг мустақил ва тахмис мухаммаслари ўрганилган, бу шеърларининг вазн ва жанр хусусиятлари, мавзу кўлами кўриб чиқилган. Шунингдек, Лутфий, Алишер Навоий, Фузулий ва Нодира ғазалларига боғланган тахмислар ҳам тадқиқ этилган. Мақола муаллифи Ҳабибийнинг 111та, Собир Абдулланинг 91та, Чустий девонларидаги 107та мустақил ва тахмис мухаммасларни аниқлаб, ўрганган. Мухаммас яратишда ХХ аср иккинчи ярми шоирлари ижодида рамал баҳри (Ҳабибий ижодида 50та, Собир Абдулла девонида 39та, Чустий девонида 61та) фаол ҳисобланади. Рамал баҳри ўлчовлари орасида эса рамали мусаммани маҳзуф (мақсур) (– – –/– – –/– – –/– – (~)) вазни мухаммас ёзишда етакчилик қилиши таъкидланди. Мазкур вазнда Ҳабибийнинг 44та, Собир Абдулланинг 34та, Чустийнинг 52та мухаммаси ўрганилди. Шунингдек, анъанага мувофиқ, одатда, ғазалга тахмис боғланаётганда унинг бандлари сони ғазал байтларига мос ҳолга келтирилади. Лекин баъзан шоирнинг хоҳишига кўра, ғазалдаги айрим байтларга тахмис битилмаслиги, яъни улар қисқартирилиши мумкин. Айнан шу ҳолат ХХ аср иккинчи ярми ўзбек шеъриятида яратилган тахмисларда ҳам кузатилади.</jats:p>